Ислом таълимотида диний бағрикенглик: эътиқодда собитлик ва муомалада адолат

Ислом таълимотида диний бағрикенглик: эътиқодда собитлик ва муомалада адолат

ادْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ «Раббингнинг йўлига ҳикмат ва гўзал насиҳат билан даъват қил ҳамда улар билан энг гўзал услубда мунозара қил», деб буюради. Мазкур оят диний даъватда илм, далил, ҳикмат ва муомала одобининг муҳимлигини кўрсатади.

Ислом дини инсонларни иймон, тақво, адолат, раҳм-шафқат ва гўзал ахлоққа чорлайди. Унинг таълимотида инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳам муайян шаръий мезонлар асосида тартибга солинган. Жумладан, бошқа дин вакиллари билан муомала қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат этиш, аҳдга вафо қилиш ва уларга нисбатан адолатли бўлиш масалалари Қуръони карим, Суннати набавийя ҳамда фиқҳий манбаларда ўз ифодасини топган.
Бугунги кунда мазкур масалалар кўпинча «диний бағрикенглик» тушунчаси орқали ифодаланади. Бироқ ушбу тушунчани Ислом нуқтаи назаридан тўғри англаш учун унинг ақидавий, ахлоқий ва фиқҳий жиҳатларини бир-биридан фарқлаш лозим.
Зеро, Исломда диний бағрикенглик барча эътиқодларни бир хил ҳақ деб тан олиш ёки ўз ақидасидан воз кечишни англатмайди. Аксинча, у мусулмон кишининг ўз эътиқодига содиқ қолган ҳолда бошқа дин вакилларига нисбатан шариат буюрган адолат, эҳсон ва гўзал муомалага риоя қилишидир.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 19-оятида:
إِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللَّهِ الْإِسْلَامُ
«Албатта, Аллоҳ наздидаги дин Исломдир», деб марҳамат қилади.
Мазкур оят мусулмон кишининг ақидавий эътиқодини белгилайди. Мусулмон Исломни ҳақ дин деб билади ва унинг таълимотларига амал қилишга интилади. Шу билан бирга, Қуръони карим бошқа дин вакиллари билан муносабатда адолат ва яхшилик қилишни ҳам буюради. Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасининг 8-оятида марҳамат қилади:
لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
«Аллоҳ сизларни дин борасида сизлар билан урушмаган ва сизларни диёрларингиздан чиқармаган кишиларга яхшилик қилишдан ва уларга адолатли бўлишдан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади». Оятдаги «бирр» (الْبِرّ) сўзи яхшилик, эҳсон ва эзгу муомалани, «қист» (الْقِسْط) эса адолатни англатади. Бундан маълум бўладики, Ислом бошқа дин вакилларига нисбатан фақат зулм қилмасликни эмас, балки тегишли ўринларда уларга яхшилик кўрсатишни ҳам таълим беради.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 256-оятида:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
«Динга мажбурлаш йўқ. Ҳақ йўл залолатдан аниқ ажралиб бўлди», деб марҳамат қилади. Муфассирлар мазкур оятнинг нозил бўлиш сабаби ва фиқҳий татбиқи ҳақида турли тафсилотларни баён қилганлар. Ундаги муҳим маънолардан бири шуки, ҳақиқий иймон қалб тасдиғи билан боғлиқ бўлиб, уни оддий зўравонлик орқали ҳосил қилиб бўлмайди. \
Шу боис Исломда даъват ҳикмат ва гўзал насиҳат асосида олиб борилади. Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 125-оятида:
ادْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ
«Раббингнинг йўлига ҳикмат ва гўзал насиҳат билан даъват қил ҳамда улар билан энг гўзал услубда мунозара қил», деб буюради. Мазкур оят диний даъватда илм, далил, ҳикмат ва муомала одобининг муҳимлигини кўрсатади.
Қуръони каримда ҳатто бошқа дин вакиллари муқаддас деб билган нарсаларни ҳақорат қилишдан ҳам қайтарилган. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 108-оятида:
وَلَا تَسُبُّوا الَّذِينَ يَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ فَيَسُبُّوا اللَّهَ عَدْوًا بِغَيْرِ عِلْمٍ
«Уларнинг Аллоҳдан ўзгага илтижо қиладиганларини сўкманглар. Акс ҳолда улар ҳам билмасдан, адоват билан Аллоҳни сўкадилар», деб марҳамат қилади. Ушбу оятдан англашиладики, муайян эътиқодни илмий жиҳатдан рад этиш билан унинг тарафдорларини ҳақорат қилиш бир хил нарса эмас. Мусулмон киши ўз эътиқодини далиллар билан ҳимоя қилиши мумкин, аммо таҳқирлаш ва ҳақоратни даъват услубига айлантирмаслиги лозим.
Қуръони каримда баён қилинган мазкур тамойиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида амалий ифодасини топган. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишларича, Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг оналари ҳузурларига келганлар. У вақтда оналари Исломни қабул қилмаган эдилар.
Асмо розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан:
أَفَأَصِلُ أُمِّي؟
«Онам билан қариндошлик алоқасини давом эттирайми?» деб сўраганларида, у зот:
نَعَمْ، صِلِي أُمَّكِ
«Ҳа, онанг билан силаи раҳм қил», деб жавоб берганлар. 
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ота-онанинг эътиқоди бошқача бўлиши уларга яхшилик қилиш ва қариндошлик алоқаларини сақлаш мажбуриятини ўз-ўзидан бекор қилмайди. Бу маъно Қуръони каримда ҳам ўз ифодасини топган. Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг 15-оятида ота-она фарзандини ширкка ундаса, бу борада уларга итоат этмасликни буюради. Аммо шу билан бирга:
وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا
«Дунёда улар билан яхши муомалада бўл», деб марҳамат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидаги яна бир ибратли воқеа Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» асарида келтирилган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
كَانَ غُلَامٌ يَهُودِيٌّ يَخْدُمُ النَّبِيَّ ﷺ فَمَرِضَ، فَأَتَاهُ النَّبِيُّ ﷺ يَعُودُهُ
«Бир яҳудий бола Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилар эди. У касал бўлиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни зиёрат қилиш учун бордилар». Ҳадиснинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болани Исломга даъват қилганлари ва у отасининг розилиги билан Исломни қабул қилгани баён қилинган. 
Мазкур воқеада бошқа дин вакилининг ҳолидан хабар олиш ва унга гўзал муомала қилиш билан диний даъват ўртасида зиддият йўқлиги намоён бўлади.
Шунингдек, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан муддатли тўлов шарти билан озиқ-овқат сотиб олганлари ва темир совутларини гаровга қўйганлари баён қилинган. Бу ҳадис ғайримуслимлар билан шариат рухсат берган савдо ва молиявий муносабатларни амалга ошириш жоизлигига далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳам бошқа дин вакиллари билан муомалада Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига амал қилганлар. Бу борада Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумонинг яҳудий қўшнилари билан боғлиқ воқеаси алоҳида эътиборга молик. Ривоят қилинишича, у кишининг хонадонларида қўй сўйилганида:
أَهْدَيْتُمْ لِجَارِنَا الْيَهُودِيِّ؟
«Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя бердингизларми?», деб сўраганлар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини эслаганлар:
مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ
«Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп васият қилдики, ҳатто уни меросхўр қилиб қўйса керак, деб ўйладим» . Ушбу ривоят саҳобаларнинг қўшничилик ҳаққига қанчалик жиддий эътибор берганларини кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо яҳудий қўшниларининг эътиқоди бошқача эканини билган ҳолда, унга ҳадя юборишни унутмаганлар. Бу эса қўшничилик ҳаққи диний эътиқоддаги фарқ сабабли бутунлай бекор бўлмаслигини кўрсатади.
Имом Абу Юсуфнинг «Китобул хирож» асарида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг кекса ва муҳтож яҳудийга ёрдам берганлари ҳақида ҳам тарихий хабар келтирилган. Мазкур хабарда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу унинг муҳтожлигини эътиборга олиб, ёрдам кўрсатиш чораларини кўрганлари нақл қилинади. Ушбу хабарнинг санади қатъий саҳиҳ деб тасдиқланмагани сабабли уни саҳиҳ ҳадис сифатида эмас, тарихий ривоят сифатида баҳолаш лозим. Шу билан бирга, унинг мазмуни Исломнинг адолат ва муҳтожларга ғамхўрлик қилиш ҳақидаги умумий кўрсатмаларига мувофиқдир.
Бошқа дин вакиллари билан муносабат масаласи ҳанафий фиқҳининг мўътабар манбаларида ҳам кенг ўрганилган. Жумладан, Имом Абу Юсуфнинг «Китобул хирож», Имом Муҳаммад Шайбонийнинг «Ас-Сияр» асарлари, Имом Сарахсийнинг «Ал-Мабсут» ва «Шарҳус сиярил кабир» асарларида аҳдномалар, мол-мулк дахлсизлиги, савдо муносабатлари ва ғайримуслимларнинг ҳуқуқий мақомига оид масалалар баён қилинган.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ «Китобул хирож» асарида мусулмон давлатда истиқомат қилиб турган ғайри муслимлардан солиқ тўловини ундиришда уларга зулм қилмаслик, қийнамаслик ва мулойим муомала қилиш зарурлигини таъкидлайдилар. Мазкур баҳсда қуйидаги ибора келади:
وَلَكِنْ يُرْفَقُ بِهِمْ
«Балки уларга мулойимлик билан муомала қилинади». Бу ўринда гап тарихий Ислом давлатидаги зимма аҳди ва солиқ муносабатлари ҳақида кетмоқда. Шунга қарамай, мазкур фиқҳий кўрсатмада ҳуқуқни талаб қилиш жараёнида ҳам зулм ва таҳқирлашга йўл қўймаслик тамойили намоён бўлади.
Ҳанафий мазҳабининг буюк фақиҳларидан Имом Шамсул аимма Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Мабсут» асарида аҳли зимманинг никоҳ муносабатларига оид масалаларни муҳокама қилар экан, шундай ёзадилар:
وَلَكِنَّا نَقُولُ: نُعْرِضُ عَنْهُمْ لِمَكَانِ عَقْدِ الذِّمَّةِ، لَا لِأَنَّا نُقِرُّهُمْ عَلَى ذَلِكَ
«Биз айтамизки, зимма аҳди мавжудлиги сабабли уларнинг бу ишларига аралашмаймиз. Бу уларнинг ўша ишларини тўғри деб тасдиқлаганимиз учун эмас». Мазкур иқтибосда муҳим фиқҳий фарқ баён қилинган. Яъни муайян ҳуқуқий аҳд доирасида бошқа дин вакилларининг айрим шахсий-ҳуқуқий муносабатларига аралашмаслик уларнинг барча эътиқод ва амалларини шаръан тўғри деб эътироф этишни англатмайди. Бу эса эътиқодий баҳо билан ҳуқуқий муомалани бир-биридан фарқлаш зарурлигини кўрсатади.
Исломда диний бағрикенглик ўз эътиқодидан воз кечиш ёки барча диний қарашларни бир хил ҳақ деб тан олишни англатмайди. Аллоҳ таоло Кофирун сурасининг 6-оятида:
لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ
«Сизларга ўз динингиз, менга ўз диним», деб марҳамат қилади. Мусулмон киши ўз ақидасига содиқ қолади. Шу билан бирга, бошқаларга нисбатан адолатли бўлиш, аҳдга вафо қилиш, омонатга хиёнат қилмаслик ва зулмдан сақланиш каби шаръий мажбуриятларга ҳам риоя қилади.
Аллоҳ таоло Моида сурасининг 8-оятида:
وَلَا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَىٰ أَلَّا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَىٰ
«Бирор қавмга бўлган адоватингиз сизларни адолат қилмасликка ундамасин. Адолат қилинглар! Бу тақвога яқинроқдир», деб буюради. Ушбу оят адолат фақат ўзаро дўстлик ва ҳамфикрликка боғлиқ эмаслигини, балки ихтилоф мавжуд бўлган ҳолатларда ҳам унга риоя қилиш лозимлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръони карим, суннати Набавийя, салафи солиҳлар амали ва ҳанафий фиқҳий меросини ўрганиш шуни кўрсатадики, Исломда бошқа дин вакиллари билан муносабат муайян шаръий мезонларга асосланади. Мусулмон киши Исломнинг ҳақлигига иймон келтиради ва ўз ақидасига содиқ қолади. Шу билан бирга, бошқа дин вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаслик, уларга нисбатан адолатли бўлиш, қўшничилик ва қариндошлик ҳақларини сақлаш, аҳдга вафо қилиш ҳамда жоиз муносабатларда гўзал муомала кўрсатишга буюрилган. Бинобарин, Исломда диний бағрикенглик — эътиқодий фарқларни инкор этиш эмас, балки улар мавжуд бўлган шароитда ҳам адолат, эҳсон ва гўзал ахлоқ мезонларига риоя қилишдир. Айнан шу тамойиллар жамиятда ўзаро ҳурмат, тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мухторов Махмуджон
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси