ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК — ЭЗГУ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМ

ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК — ЭЗГУ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМ

Соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик — ёшлар саломатлигини асраш, уларнинг тиббий маданиятини юксалтириш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг октябрь ойида Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти Мир Араб олий мадрасасига ташриф буюриб, таълим муассасасидаги мавжуд шарт-шароитлар, тиббиёт хонаси фаолияти ҳамда талабалар учун яратилган тиббий имкониятлар билан яқиндан танишган эди. Мазкур ташриф давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мадраса жамоаси соғлиқни сақлаш бошқармасига таклиф этилди.

Ушбу таклифга мувофиқ, 2026 йил 28 октябрь куни Мир Араб олий мадрасаси устоз ва талабалари Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида меҳмон бўлди.
Ташрифда Мир Араб олий мадрасасининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, гуруҳ мураббийлари ҳамда бир гуруҳ талабалар иштирок этди.

Учрашув давомида Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Эргашев Шероз Шухратович сўзга чиқиб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббиёт соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифати ва қамровини ошириш борасидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, Мир Араб олий мадрасаси устозлари ва талабалари учун яратилган тиббий имкониятлар, жумладан, бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш, малакали мутахассислардан тиббий маслаҳатлар олиш, зарур ҳолларда соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилиш тартиблари хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Учрашувнинг асосий эътиборли жиҳатларидан бири — икки муассаса ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи бўлди. Хусусан, Олий мадраса устоз ва талабаларини мунтазам тиббий кўриклардан ўтказиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий саводхонлигини ошириш, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишларда қўшма тадбирлар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Айниқса, Мир Араб олий мадрасаси жамоаси учун тиббий хизматлардан 24/7, яъни кечаю кундуз фойдаланиш имкониятини яратиш, тезкор тиббий маслаҳат ва мурожаатлар учун алоҳида ишонч телефон рақамларининг тақдим этилгани меҳмонларда катта мамнуният уйғотди. Бу эса соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Олий мадраса жамоаси саломатлигига алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий ифодаси бўлди.

Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари Мир Араб олий мадрасаси жамоасига зарур тиббий ёрдам ва маслаҳатларни кўрсатишга, улар билан ҳамкорликда ишлашга ҳамиша тайёр эканликларини таъкидладилар.

Ўз навбатида, Мир Араб олий мадрасаси жамоаси кўрсатилган эътибор, самимий муносабат, яратилган имкониятлар ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслар учун миннатдорчилик билдирди.
Мазкур учрашув нафақат икки муассаса ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, балки ёшлар саломатлигини асраш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва тиббий маданиятни юксалтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Зеро, инсон саломатлиги — энг улуғ неъмат, уни асраш эса барчамизнинг умумий масъулиятимиздир. Илм-маърифат ва тиббиёт соҳалари ўртасидаги бундай эзгу ҳамкорлик жамият фаровонлиги, ёш авлод камолоти ва инсон саломатлигига хизмат қилиши шубҳасиз.
Аллоҳ таоло тиббиёт соҳаси ходимларининг фуқаролар саломатлигини асраш йўлидаги шарафли ва масъулиятли меҳнатларига барака ато этсин, эзгу мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлигимизни бардавом айласин!

Азамат Хакимжонов
Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими ходими

Fotoğraflar